Остонада фаолият юритувчи таҳлилчи журналист Луқпан Аҳмедияров ноутбукини очганида қаттиқ ҳайратга тушди: омма орасида машҳур бўлган YouTube-канали Prosto Zhurnalistika (Шунчаки журналистика) тўсатдан блокланган эди. Ундан бир неча кун аввал эса худди шу номдаги Instagram саҳифаси ҳам йўқолган эди.
Шу пайтда Олмаота шаҳрида яна бир тажрибали журналист Вадим Борейко ўзининг 30 000 нафардан ортиқ кузатувчиси бўлган Facebook аккаунти ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ўчирилганини аниқлади.
Бу воқеалар Қозоғистонда тобора кенгайиб бораётган рақамли цензура усулларини намоён қилади. Бу усуллар очиқ цензура эмас, балки техник блоклашлар ва ноаниқ муаллифлик ҳуқуқи даъволари орқали танқидий овозларни ўчиришни мақсад қилади.
Бу тенденция Марказий Осиё бўйлаб кенгайиб бораётган кенгроқ жараённинг бир қисми — сўз эркинлиги ҳали ҳам ҳукумат босими остида.
— «Бу — назорат масаласи, журналистларга юборилаётган сигнал: сизнинг сўз эркинлигингиз шартли ва кузатув остида», — дейди Олмаотадаги Legal Media Center раҳбари, медиа таҳлилчиси Диана Окремова.
— «Бу алоҳида ҳолатлар эмас — мустақил журналистикага қарши олиб борилаётган кенг қамровли босимнинг бир қисми.»
Бир пайтлар эркин матбуот деярли йўқ бўлган минтақа сифатида танилган Марказий Осиёда мустақил журналистиканинг ривожланиши олқишланган эди. Энди эса ҳукуматлар бу йўлдан ортга қайтаётганликда айбланмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, энди куртак оча бошлаган мустақил журналистикага янги рақамли тазйиқ шакллари орқали янада кучли таҳдид солинмоқда.
Ахмедияровнинг Озодликка маълум қилишича, унинг Instagram саҳифаси йўқолишидан аввал Meta компаниясидан «контент компания стандартларига мос эмас» деган огоҳлантириш олган.
Унинг айтишича, шундан сўнг деярли бир вақтда унинг Instagram’даги саҳифасининг клони пайдо бўлган — у ердаги контент эса асл саҳифасидагидан фарқ қилган.
— «Биз бу муаммо ҳақида Access Now ва журналистикани ҳимоя қилувчи бошқа халқаро ташкилотларга хабар берганимиздан кейин, Meta саҳифамизни қайта тиклади. Аммо ҳеч қандай тушунтириш берилмади», — деди у. «Кейин эса қалбаки саҳифа ҳам йўқолди.»
YouTube канали блокланганида эса Ахмедияров расман «видеолардаги мусиқа сэмпллари муаллифлик ҳуқуқини бузгани» сабаб деб кўрсатилган тушунтириш олган.
Унинг айтишича, бу даъво каналини очишдан атиги бир неча кун олдин рўйхатдан ўтган ва кейин яна йўқолиб кетган ноаниқ фойдаланувчи томонидан берилган.
— «Бунинг юз берган вақти жуда шубҳали», — дейди Ахмедияров.
Борейко — машҳур Giperborei YouTube-канали раҳбарининг айтишича, мустақил журналистлар аккаунтларининг ўчирилиши бу янги усул бўлиб, аввалги «даҳшат ва таҳдид»ларнинг рақамли кўринишидир.
— «Facebook аккаунтим йўқолишидан бир неча ҳафта олдин Instagram аккаунтим ҳам тўсатдан йўқолди. Шундан сўнг иккита қалбаки аккаунт пайдо бўлди, уларда ҳатто 'текширилган' белгилар ҳам бор эди. Биттасида 134 000 нафар обуначи бўлган», — дейди у. «Контент эса бутунлай бошқача эди.»
Борейконинг айтишича, у ва унинг жамоаси Cyber Helpline — киберхавфсизлик масалаларида ёрдам берувчи нотижорат ташкилот ёрдамида Instagram аккаунтини тиклади ва икки қалбаки аккаунтни ўчирди.
— «Журналистларга босим ўтказиш усуллари қандай қилиб аста-секин ўзгариб борганини кўриш жуда ғалати», — дейди у. — «Бу янги тактиканинг мақсади — журналист ва блогерларни чалғитиш, уларга руҳий, психологик ва иқтисодий босим ўтказиш. Чунки кўп журналистлар ижтимоий тармоқлар орқали даромад топишади.»
Мутахассислар ва журналистлар бу аккаунтларнинг йўқолиши Қозоғистон Ахборот ва маданият вазири Айда Балаева ҳамда Meta компаниясининг минтақавий сиёсат раҳбари Сарим Али Азиз ўртасида Остонада ўтказилган учрашувдан сўнг рўй берганини алоҳида қайд этишмоқда.
Учрашув мавзуси — Facebook ва Instagram каби Meta’га тегишли платформаларда «контентни модерация қилиш» бўлган. Қозоғистон расмийлари ўшанда бу учрашув натижасида вазирлик ва Meta вакилларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузилганини, техник ва алгоритмик ечимлар ишлаб чиқилишини айтган.
Борейконинг фикрича, аккаунтларнинг йўқолиши айнан Meta ва Қозоғистон расмийлари ҳамкорлигига боғлиқлигини тасдиқловчи маълумот йўқ, аммо «хронологик боғлиқлик бор».
Қозоғистон Ахборот ва маданият вазирлиги ва Meta вакиллари ҳозирча бу ҳолат юзасидан изоҳ беришмаган.
Июнь ойида Қозоғистон расмийлари Озодлик қозоқ хизматининг ишлайдиган олти журналисти ва ташкилотнинг Остонадаги раҳбарига аккредитация беришни рад этган.
Ташқи ишлар вазирлиги бу қарорни ноаниқ «миллий хавфсизлик» билан изоҳлаган.
Танқидчиларнинг фикрича, 2021 йилда қабул қилинган матбуот тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар аккредитация муддатларини қисқартирган ва уни бекор қилиш асосларини кенгайтирган — бу эса хорижий ва мустақил ОАВни бўғишга қаратилган.
Озод Европа/Озодлик радиоси Остонадаги маъмурий судга шикоят аризаси киритиб, аккредитация беришни рад этишни ноқонуний деб топишни сўраган.
Бундай маъмурий чоралар Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.
Қирғизистон — бир пайтлар эркин ОАВи билан машҳур мамлакат — июнь ойида медиа тўғрисидаги қонунни қайта қабул қилди. Бу халқаро матбуот ташкилотларида жиддий хавотир уйғотди.
Янги қонун барча онлайн нашрлар — блогерлар ва ахборот сайтлари учун ҳам мажбурий рўйхатдан ўтиш талабини қайта жорий этди. Қонун ҳукуматга рўйхатдан ўтказиш қоидаларини белгилаш, қабул қилиш ва бекор қилиш ҳуқуқини беради.
Шунингдек, янги қонун қирғиз ОАВларидаги хорижий мулк улушини 35 фоиз билан чеклаган. Танқидчилар бу халқаро ҳамкорликни чеклаш ва мустақил ОАВ учун жаҳондаги қўллаб-қувватловни узишга қаратилганини айтишмоқда.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) бу қонунни “хавфли” деб атади ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровни унга вето қўйиш, сўз эркинлиги борасидаги ваъдаларига амал қилишга чақирди.
Аммо бу мурожаат жавобсиз қолди. Қирғизистон расмийлари мустақил Апрель ТВ телеканалига қарши ҳаракатга ўтди. 9 июль куни Бишкек суди канални ёпиш ва унинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди.
Ҳукумат Апрель ТВ’ни «давлат ҳокимиятига зарба бериш» ва «жамиятга зарар етказиш»да айблади. Канал таҳририяти бу айбловларни сиёсий дея рад этди.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, шундай мувофиқлаштирилган чоралар — ҳуқуқий чекловлар, онлайн цензура ва жиноий таъқиблар — Марказий Осиёдаги мустақил журналистика учун қолган кичкина майдонни ҳам йўқ қилмоқда.
Парижда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси (AHRCA) раҳбари Надежда Атаева минтақадаги тенденциядан хавотирда.
— «Қозоғистондаги журналистлар ва уларнинг материаллари нафақат мамлакат ичида, балки бутун минтақа бўйлаб жуда машҳур. Ҳукуматлар бир-биридан ўрганмоқда.»
— «Қозоғистонда журналистларга нисбатан рақамли босимлар қандай юз бераётган бўлса, шунга ўхшаш ҳолатлар яқин орада бошқа мамлакатларда ҳам юзага чиқиши аниқ», — дейди Надежда Атаева