Алиев, Мирзиёев ва куёвлар. Чорвоқда курорт қуриш ғояси президентдан чиққан - Агаларов

Чорвоқ сув омбори — Тошкентнинг 4 миллиондан ортиқ аҳолиси учун ичимлик суви манбаи — жиддий хавф остида қолмоқда. Бу ерда улкан туристик мажмуа — Sea Breeze Uzbekistan қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа Озарбайжон президентининг собиқ куёви, тадбиркор Эмин Агаларов томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва хабарларга кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан шахсан маъқулланган. У 577 гектарлик қирғоқ ҳудудини қамраб олади. Танқидчилар денгизга чиқиш йўли бўлмаган мамлакатда сунъий «денгиз соҳили муҳитини» яратиш учун экологик тизимни вайрон қилишнинг оқибатларидан огоҳлантирмоқда. Уларга кўра, лойиҳа Ўзбекистон қонунчилигини бузиши мумкин.

Тошкентнинг «ўпкаси»

Тошкентда Чорвоқ сув омборини билмаган ёки ёзнинг жазирамасида салқинлаш учун унинг соҳилига бормаган одам бўлмаса керак.

Лекин Чорвоқ — фақат иссиқдан паноҳ топадиган жойгина эмас. У Тошкентни ичимлик суви билан таъминловчи асосий манбадир. Унга Чирчиқ, Чотқол ва Пскем дарёлари қуйилади.

Бундан ташқари, сув омбори атрофидаги тоғли яшил ҳудудлар ва дарахтзорлар Тошкентнинг «ўпкалари» дейишга арзийди. Чорвоқ пойтахт ҳавосини салқинлатса, бу яшил ҳудудлар уни кислород билан тўйинтиради.

Чорвоқ сув омбори.

Чорвоқ қурилиши 1963 йилда бошланган ва 1970 йили якунланган. Бу — Тошкентни электр энергияси билан таъминловчи ГЭС, Тошкент вилояти ва Фарғона водийси қишлоқ хўжаликларини сув билан таъминловчи сув омбори, тоғ дарёларидан сув йиғувчи ва пойтахтни тошқинлардан муҳофаза қилувчи иншоотдир. Яъни бунинг барчаси — Чорвоқ.

Аммо унинг ҳолати йил сайин ёмонлашиб бормоқда. Назоратсиз оммавий туризм, айниқса моторли қайиқ ва скутерлардан фойдаланиш сувни ифлослантирмоқда. Саёҳатчилар томонидан ташлаб кетилаётган чиқиндилар атроф-муҳитга катта зарар етказмоқда.

2020 йилда Ўзбекистон ҳукумати бу ҳолатни тан олди. Ўша пайтда Вазирлар Маҳкамаси «Чорвоқ сув омбори ҳавзасини санитария жиҳатдан муҳофаза қилишни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасини эълон қилган эди. Унда сув омборини дам олиш ҳудудига айлантириш салбий оқибатларга олиб келаётгани қайд этилган.

«2020 йил 1 августдан бошлаб моторли қайиқлар, катерлар, яхталар, гидроцикллар ва жисмоний ҳамда юридик шахсларга тегишли бошқа сув транспорт воситаларидан фойдаланиш, шунингдек, сув омбори қирғоқлари бўйлаб пляжлар ва оммавий чўмилиш жойларини ташкил этиш қатъиян тақиқланиши таклиф этилмоқда», — дейилган эди қарорда.

Бироқ нима сабабданлиги номаълум, бу қарор ҳаётга тадбиқ этилмади. Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев 2024 йил ёзида ушбу масалани қайта кўтарди. У Чорвоқ сув омбори ва унинг атрофини махсус бошқарувдаги экологик тоза ҳудудга айлантириш ташаббусини илгари сурди. Бу ташаббус сувни ифлослантирувчи ускуналардан фойдаланишни чеклаш ва чўмилиш ҳамда дам олиш хизматларига мораторий жорий этишни кўзда тутар эди.

Аммо 2024 йил декабрига келиб ҳукуматнинг режалари умуман бошқача экани аён бўлди.

Қўшиқчидан бизнесменгача

Шу ўринда Чорвоқ ва Тошкент устида юзага келган қора булутларга алоқадор шахс — Эмин Агаларов ким экани ҳақида сўз юритиш ўринли бўлади.

Агаларов — постсовет маконида танилган россиялик ва озарбайжонлик қўшиқчи. У Озарбайжон халқ артисти бўлиб, Instagram'да 3 миллиондан ортиқ обуначига эга.

2019 йилдан бошлаб Агаларов Ўзбекистонга бир неча бор қўшиқчи сифатида келган. У "Халқлар дўстлиги" саройида концерт берган.

Сўнгги йилларда у санъатдан воз кечиб, ўзини бизнес соҳасида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда — бу билан у ўз отаси, россиялик тадбиркор ва Crocus Group компаниялар гуруҳи эгаси Араз Агаларовнинг арзанда ўғли эканини намоён этмоқчи.

Эмин Агаларов 2018 йил 26 июль куни Бокудаги Sea Breeze Resort меҳмонхонасида бўлиб ўтган “Жара” мусиқа фестивали очилиш маросимида.

Эмин бу соҳада ҳам муваффақиятга эришди. Бунинг сири, шубҳасиз, омадли турмуш қуришда ҳам бўлди: Агаларов Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг катта қизи Лейлага уйланган эди.

2006 йили никоҳдан ўтган жуфтлик 2015 йили расман ажрашди. Уларнинг икки нафар ўғли бор. Ажрашганига қарамай, Эмин Агаларов ижтимоий тармоқлардаги сурат ва видеоларига қараганда, Алиевлар оиласининг аъзоси бўлиб қолмоқда.

Агаларовнинг бизнес лойиҳаларини камтарона деб бўлмайди. Президент Алиев набираларининг отаси бўлган Эмин деярли 20 йилдан бери Каспий денгизи қирғоғида Sea Breeze номли бутун бошли шаҳарча қурмоқда.

Бу лойиҳа 2006 йилда Боку шаҳридан 30 км узоқликда жойлашган Нардаран шаҳрида бошланган. Унга йўл очиш учун юзлаб уйлар, ҳовлилар ва гектарлаб боғлар йўқ қилинган.

Озарбайжон давлат идоралари Агаларовга 500 гектар соҳил ҳудудини беришда бевосита иштирок этган. Аввал бу ерлар «давлат эҳтиёжи учун» деган баҳона билан маҳаллий мулкдорлардан тортиб олинган. Кейин эса уларнинг 30 гектари — денгиз бўйи ҳудудида жойлашган қисми — Агаларовлар оиласига тегишли Crocus Group компаниясига ўтказилган.

18 та тортиб олинган ер участкасининг эгалари Боку ҳукуматига қарши Европа инсон ҳуқуқлари судига шикоят аризаси топширишган.

2021 йил ноябрида суд Озарбайжон давлатини мулк ҳуқуқини бузганликда айбдор деб топди ва ерлари тортиб олинган оилаларга жами 307 500 евро компенсация тўлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Бироқ суд қароридан кейин ҳам ерлар ўз эгаларига қайтарилмади.

Эмин Агаларов (ўнгдан иккинчи) эгизак ўғиллари ва собиқ турмуш ўртоғи Лейла Алиева оиласи билан бирга премиум даражали денгизбўйи курорти — Sea Breeze да.

Sea Breeze мега-лойиҳаси Озарбайжон қонунчилигини бузиш ва Каспий денгизи экотизимига етказаётган зарари учун ҳам танқид қилинган.

Агаларовларнинг бошқа бир лойиҳаси — Дубайдаги шунга ўхшаш объект намунасида яратилган Dream Liner — 2023 йили Озарбайжонда сунъий яриморол сифатида барпо этилган. Бироқ Боку шаҳрининг 2040 йилгача бўлган бош режасида бундай қурилиш кўзда тутилмаган. Қурилиш, эҳтимол, зарур рухсатномаларсиз амалга оширилган. Озарбайжон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги Озодликка Агаларов қурилишнинг атроф-муҳитга таъсири бўйича ҳеч қандай экспертиза хулосаси тақдим этмаганини тасдиқлади.

Шу билан бирга, Агаларов Каспий денгизи ичида 800 метрлик сунъий оролни қуриб бўлгандан сўнг, 2024 йил май ойида унинг собиқ қайнотаси — президент Илҳом Алиев мазкур лойиҳани легаллаштирувчи қонунни имзолади.

Ушбу комплексдаги энг арзон квартира нархи — 1 квадрат метр учун тахминан 3000 доллар. Бундан ташқари, Каспий денгизи соҳилидаги бир пайтлар барчага очиқ ва бепул пляж Sea Breeze назорати остига ўтказилди. Энди сузишни истаганлар бир кун учун камида 30 доллар тўлашга мажбур.

Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси

2024 йилдан бошлаб Эмин Агаларов Ўзбекистонга қўшиқчи сифатида эмас, балки йирик девелопер сифатида келишни бошлади.

2024 йил 23 август куни у Тошкентга собиқ қайнотаси — Озарбайжон президенти билан бирга келди. Бу ташриф давомида президент Илҳом Алиев ва президент Шавкат Мирзиёев биргаликда Agalarov Residence номли премиум-класс турар-жой мажмуаси қурилишини маъқуллади. Бу лойиҳа учун Тошкент марказида 2 гектар ер ажратилган бўлиб, 21–27 қаватли кўп хонадонли уйлар барпо этилиши режалаштирилган.

Ер нега айнан Агаларовга берилгани ва қайси мезонлар асосида танлангани расман изоҳланмади.

Тахминан уч ҳафта ўтиб яна бир воқеа юз берди: Ўзбекистон президентининг кичик куёвига тегишли BEFIT фитнес-клуби илк халқаро филиалини Озарбайжонда, Алиевларга қарашли Crescent Mall савдо марказида очди.

2024 йил 16 сентябрдаги очилиш маросимида Эмин Агаларов Ўзбекистондан келган нуфузли меҳмонлар — президент Мирзиёевнинг қизи ва кичик куёвини қабул қилди.

Ортидан эса Мирзиёевлар оиласи Агаларовларни Тошкентда яна бир бор кутиб олди.

16 декабрь куни Эмин Агаларов президент Шавкат Мирзиёевга денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон ҳудудида Sea Breeze нинг сунъий нусхасини барпо этиш лойиҳасини тақдим этди.

Бунинг учун Ўзбекистондаги энг гўзал табиий сув манбаларидан бири — Чорвоқ сув омбори танланди.

Агаларов ушбу лойиҳани шахсан Шавкат Мирзиёевга тақдим қилди ва президент ташаббусни маъқуллади.

Эмин Агаларов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Sea Breeze Uzbekistan туристик маркази бўйича мастер-планни тақдим этмоқда.

Лойиҳа учун Чорвоқ сув омборининг энг манзарали ва кўкаламзор қисмида — 577 гектар ер ажратишга қарор қилинди. Бу — Ўзбекистон мустақиллик тарихида хусусий инвестор ихтиёрига қурилиш учун берилган энг йирик ер майдонларидан биридир.

Ушбу ҳудуд сув омборининг жанубий соҳилидаги Юсуфхона қишлоғи территориясида жойлашган бўлиб, шимолий қисми Яккатут ва Боладала қишлоқлари орасида жойлашган.

Режага кўра, сув омборининг икки қирғоғини 377 метрлик кўприк боғлайди. Кўприкнинг ҳар икки томонида Agalarov Development компанияси халқаро туристик марказ барпо этади.

Эмин Агаларов Шавкат Мирзиёевга тақдим этган харитага кўра, марказий мажмуа 10 та компакт ҳудудга бўлинади. Соҳил бўйлаб булвар, пляжлар ва дам олиш зоналари, тоғлар этакларида эса меҳмонхоналар, виллалар ва коттежлар, ресторанлар ва кўнгилочар мажмуалар, шунингдек, спорт иншоотлари, жумладан, қишки спорт турлари учун объектлар қурилиши кўзда тутилган.

Маҳаллий матбуотдаги маълумотларга кўра, Чорвоқдаги ушбу лойиҳа тахминан 10 миллиард доллар деб баҳоланган. Аммо молиялаштириш манбалари очиқланмаган. Агаларовнинг айтишича, у «инвесторларсиз шаҳар қуриш» бўйича «маҳорат»га эга.

2024 йил 16 декабрь куни Шавкат Мирзиёевдан Sea Breeze қурилиши учун расман рухсат олган Агаларов жорий йил апрель ойида яна Тошкентга қайтди ва бу сафар ўзи билан Бош режани ҳам ола келди. У билан бирга Озарбайжон президентининг фарзандлари ва набиралари ҳам ташриф буюрди. Агаларов лойиҳани яна Мирзиёевга тақдим этди — у яна бир бор муаммосиз маъқулланди.

2025 йил 11 июнь куни, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида, Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Агаларов билан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида йил-ўн икки ой фаолият юритувчи Sea Breeze Uzbekistan курортини қуриш бўйича расмий шартнома имзолади.

Расмий баёнотга кўра, лойиҳа ҳозирда 5 миллиард доллар этиб баҳоланмоқда — аввалги тахминий баҳодан камроқ.

Форумдан сўнг Агаларов Sea Breeze қурилишини Мирзиёев томонидан «Ўзбекистондаги хорижий инвесторлар учун яратилган ажойиб имконият» деб атади.

Ижтимоий тармоқлардаги норозилик

Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси жамиятда жиддий қаршиликка учради. Буни маҳаллий матбуот сарлавҳаларида ҳам, Эмин Агаларовнинг Instagram’даги видеолари остидаги изоҳларда ҳам кўриш мумкин. Ижтимоий тармоқларда #savechorvoq хэштеги остида норозилик акцияси бошланди.

«Озодлик» билан суҳбатлашган юристлар таъкидлашича, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, Агаларов таклиф этган мега-лойиҳа амалга оширилишидан аввал қатор жиддий экспертизалардан, жумладан, жамоатчилик муҳокамасидан ўтиши шарт.

«Бир қатор амалдаги қонунчилик ҳужжатлари бор. Масалан, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, фуқаролар ташаббуси билан жамоатчилик экологик экспертизаси ўтказилиши мумкин ва бунга тўсқинлик қилиш тақиқланади.

“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунда эса жамият учун муҳим бўлган масалалар жамоатчилик назоратида бўлиши шартлиги белгиланган.

Қолаверса, “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарор ва йўриқномалари бор.

Сув объектларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги алоҳида Низом ҳам мавжуд.

Ушбу ҳужжатларга асосан, Чорвоқ сув омбори атрофидаги тоғлар — Тошкент экотизимининг ажралмас қисми — вайрон қилиниши, боғлар ва дарахтзорлар йўқ қилиниши, сув сифати ёмонлашиши эҳтимоли бор.

Чорвоқ — давлат мулки, демак, халқники. Ҳеч ким халқнинг мулкини, айниқса ҳаёт манбаи бўлган сув омборини, бирорта олигархга “ҳадя” қилиш ҳуқуқига эга эмас», — дейди номини ошкор этмасликни сўраган ўзбекистонлик юрист.

Ўзбекистонлик бошқа бир юрист эса шундай дейди:

«Чорвоқ сув омбори — улкан стратегик аҳамиятга эга объект. Унинг қирғоқлари бўйлаб юз гектарлаб майдонда туристик мажмуа қуриш — Ўзбекистон қонунчилигига зид.

2021 йилда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг №499-сонли қарорига кўра, Чорвоқ туманидаги ўрмон ва ўрмончилик ҳудудларида ҳар қандай қурилиш ишлари тақиқланади.

Харита, суратлар ва видеоларга қарасангиз, Агаларовга берилган 577 гектар ер — ўрмонга айлантирилиши мумкин бўлган ерлар. Бу қонунга зид эмасми?» — дейди юрист.

Чорвоқ сув омбори. 9 август, 2014 йил.

Агаларовнинг жавоблари

Норозиликлар кучайиб бораркан, Эмин Агаларов ўзбекистонликларни тинчлантиришга урилиб, лойиҳа Чорвоқдаги сув сифати яхшиланиши ва канализация чиқиндилари оқиб тушишининг олдини олишга ёрдам беради, дея баёнот берди.

Шу билан бирга, танқидларга жавоб сифатида ўтган ҳафта Агаларов ўзбекистонлик журналистлар учун Боку шаҳридаги Sea Breeze курортига пресс-тур ташкил этди.

У ердаги чиқишида Агаларов «Чорвоқда мажмуа қуриш ғояси президент Шавкат Мирзиёевдан чиққанини таъкидлади.

"Сизнинг президентингиз менга Чорвоқни бориб кўришни тавсия қилди. Мен у ерга бордим ва табиат гўзаллигидан ҳайратга тушдим. Президент (Мирзиëев) Чорвоқни ҳеч қандай қулайликка эга бўлмаган¸ ҳожатхона¸ меҳмонхона ва турар жой етишмайдиган тартибсиз эмас¸ тизимлашган курорт ҳудудига айлантирмоқчи. Давлат учун Чорвоқда қурилиш қилаëтганлардан мен билан муносабат қилиш осонроқ бўлади. Чунки мен биттаман ва битта жойда қурилиш қиламан», — деди Агаларов ўзбекистонлик журналистларга.