Озод Европа /Озодлик радиосининг Марказий Осиё таҳририятлари (Қозоғистон ва Қирғизистонда — Азаттык, Туркманистонда — Азатлык, Ўзбекистонда — Озодлик, Тожикистонда — Озоди) 2024 йил кузида бошланган «Марказий Осиёнинг спорт қаҳрамонлари. Тўсиқлар оша ғалабага» танловининг якунларини эълон қилди. Бу ташаббуснинг асосий мақсади жиддий тўсиқлар — жамиятдаги кутилмалар, маданий табулар, жисмоний ва ижтимоий қийинчиликарга қарамасдан улкан ютуқларга эришган минтақа спортчиларини эътироф этиш эди.
Танлов эълон қилинганидан сўнг, мухлислардан номзодлар бўйича кўплаб таклифлар келиб тушди. Саралаш натижаларига кўра, биз беқиёс қийинчиликларни енгиб, юқори натижаларга эришган беш нафар спортчини танлаб олдик.
Ғолиблар бир неча мезонлар асосида аниқланди: жамиятга таъсири, спорт журналистлари овоз бериши натижалари, аудитория фикри ва таҳририятларнинг баҳоси. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан танлаб олинган беш спортчининг ҳаётий йўли — бу мураккабликларни енгиб ўтишга интилаётган ҳар қандай инсон учун ибратли жасорат ва матонат намунасидир.
Ўзбекистон: Марказий Осиёни жаҳон футбол харитасига олиб чиққан афсона — Абдуқодир Ҳусанов
Унга «Поезд» деб лақаб қўйишган — фақат тезлиги (соатига 37 кмгача етади) учун эмас, балки майдондаги тўхтовсиз кучи туфайли ҳам. 20 ёшида Абдуқодир Ҳусанов Марказий Осиёдан чиқиб, Англия Премьер-лигаси клуби — Манчестер Сити билан шартнома имзолаган илк футболчи бўлди. Унинг 2025 йилдаги $41 миллионлик трансфери нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун туб бурилиш нуқтасига айланди.
Абдуқодир Ҳусанов.
Бироқ Ҳусановнинг йўли осон кечмади. Ватанида унга маҳаллий тўп-клублар рад жавоби берганидан сўнг, у хорижга йўл олди: аввал Беларусга, сўнг Францияга кетди. У ерда RC Lens таркибида ўзини кўрсатиб, Чемпионлар лигасида ўйнади ва «Манчестер Сити»га ўтиш имкониятини қўлга киритди.
Бугун у — Ўзбекистон миллий жамоасининг юлдузи ва мамлакатдаги янги футбол даврининг рамзи. Абдуқодир Осиё кубоги ва Олимпиадада ҳал қилувчи рол ўйнади. 2025 йилда унинг етакчилиги остида Ўзбекистон тарихда илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқди ва Марказий Осиёдан бундай ютуққа эришган биринчи давлатга айланди.
Майдон ташқарисида эса унинг юксалиши айниқса, ватани Ўзбекистонда янги авлод футболчиларини илҳомлантирди. Унинг оддий, эътиборсиз қолган ўсмирдан Премьер-лига футболчисигача бўлган йўли орзулари чекланмаганлар учун улкан намуна бўлди.
Қозоғистон: ўтира олмасдан марафонгача. Дўсмуҳаммед Тўлегенов
Шундай пайтлар бўлганки, Дўсмуҳаммед Тўлегенов ҳатто ўтиролмасди. Жетису вилоятидаги чекка Арқарли қишлоғида яшовчи 34 ёшли эркакка мия шиши туфайли юзага келган оғир неврологик хасталик ташхиси қўйилган.
Дўсмуҳаммад Тўлегенов
Ун йил давомида у ётоққа михланиб, жимлик, оғриқ ва умидсизлик ичида яшади. «Шундай кунлар бўлардики, шифокорларга “ўлганим яхши эди” дердим, — дея эслайди у. — Лекин менинг уч нафар фарзандим бор эди. Мен улар учун яшадим».
II гуруҳ ногирон деб эътироф этилган Дўсмуҳаммад китоб ўқий олмас, телевизор кўра олмас, мустақил ўтиролмасди — бир муддат умидини ҳам йўқотди.
Аммо ўн йилдан сўнг у биринчи қадамни ташлашга журъат қилди. Кейин яна, яна… Юришлар югуришга айланди. Бир вақтлар ҳатто ҳаракатлана олмаган инсон учун югуриш оддий жисмоний машқ эмас, эркинликка айланди.
Югуришлар ўрнини марафонлар эгаллади. Ҳозир Тўлегенов 62 ёш. У ҳамон ўз қишлоғида, оиласи — 40 йилдан бери бирга ҳаёт кечираётган турмуш ўртоғи, фарзандлари ва набиралари билан бирга яшайди.
Бироқ бугун унинг ҳаёти бутунлай ўзгарган. У 50, ҳатто 70 километр масофани босиб ўтади ва Қозоғистондаги энг ҳурматга сазовор марафончилардан бири саналади.
Қирғизистон: Зулматдан нурга — Гулноз Жузбаева
Қирғизистонлик Гулноз Жузбаева болалигиданоқ Парижни кўришни орзу қиларди. У бир кун келиб у ерга сайёҳ сифатида эмас, балки мамлакатини паралимпияда намоён қилувчи спортчи сифатида боришини тасаввур ҳам қилмаган. Унинг Франция пойтахтига қадар бўлган йўли фақат болалик орзусининг рўёбга чиқиши эмас, балки Қирғизистон бўйлаб ногиронлиги бор одамларга илҳом бағишлаётган ғалаба ҳикоясига айланди.
Гулноз Жузбаева
Гулноз кўриш заифлиги билан дунёга келган ва вақт ўтиши билан кўриш қобилиятини бутунлай йўқотган. Аммо у ҳеч қачон таслим бўлмади. Мактаб ва университетни соғлом курсдошлари билан бир вақтда тамомлади. Кейин янада олға силжиди: Қирғизистонда кўзи ожизлар федерациясини ташкил қилди. Ўтган ўн йил ичида у 200 дан ортиқ кўзи ожиз инсонни мустақил ҳаёт кечиришга — ўқиш, компьютердан фойдаланиш, жамиятда эркин ҳаракатланишга ўргатди. Унинг бу саъй-ҳаракатлари учун Британиянинг BBC медиа корпорацияси Гулнозни 2020 йилда дунёнинг энг илҳомбахш ва таъсирли 100 аёли рўйхатига киритди.
Гулнознинг шахсий мақсади ҳам шу қадар ёрқин. 2024 йилда, узоқ тайёргарликлардан сўнг, у Париждаги Паралимпия ўйинларида Қирғизистон шарафини ҳимоя қилди. Сена дарёси бўйлаб 1500 метр масофага югурган Гулноз 13-ўринни эгаллади ва кўзи ожиз спортчилар орасида Қирғизистон миллий рекордини янгилади. У шунингдек енгил атлетика бўйича Осиё Параўйинларининг бронза медали соҳиби ва паратриатлон бўйича Осиё чемпионатида икки карра кумуш медал соҳибаси ҳамдир.
41 ёшли Гулноз Жузбаева — фақатгина спортчи эмас, балки мураббий, она ва жамоалар яратувчисидир. Энг муҳими — у чекловларга қарамасдан, маъно ва мақсадларга тўла ҳаётни танлаган аёл. Жамиятда кўзи ожизлик ҳаётнинг охири эмас, балки бошланиши бўлиши мумкинлигини исботлади.
Тожикистон: Енгилмас дзюдочи Сомон Маҳмадбеков
26 ёшли Сомон Маҳмадбеков Россиянинг Иркутск шаҳрида туғилиб ўсган. У олти ёшлигидан амакиси раҳбарлигида дзюдо билан шуғуллана бошлаган ва ёши ўзидан икки марта катта ўсмирлар билан беллашган.
Бироқ Сомонга Россия шарафини ҳимоя қилишга рухсат берилмади, чунки унинг ота-онаси Россия фуқаролигини олмаган эди. Шунда Маҳмадбеков Тожикистонга қайтди, паспорт олди ва ҳозир фахр билан «менинг юртим» деб атаётган мамлакат номидан чиқишни бошлади.
Сомон Маҳмадбеков
Бу йўл осон кечмади. Ҳатто Тожикистоннинг ўзида ҳам Сомонни тан олиш осон бўлмади. Миллий терма жамоага кириш жараёни секин ва ноаниқ бўлди. Аммо медаллар ҳар қандай шубҳадан баралла гувоҳлик бера бошлади. Сомон жаҳон миқёсидаги мусобақаларда шоҳсупаларга чиққач, унинг иқтидори ҳеч кимда шубҳа қолдирмади.
2024 йилда Сомон Париж Олимпиадасида бронза медалини қўлга киритиб, тарихга кирди. Кейинчалик у дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида яна бир бронза медални қўлга киритди.
2023 йили у Осиё ўйинлари чемпионига айланди, ундан олдин ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолибликни қўлга киритган эди.
Туркманистон: Тинч қаршилик йўлидаги курашчи — Мурод Қурбонов
Айкидочи Мурод Қурбонов нафақат жанг санъати устаси, балки тинч қаршилик рамзи ҳамдир. 2005 йили у Туркманистондаги ижтимоий адолатсизликни танқид қилгани учун мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. У ўз бизнесидан, уйидан, аввалги ҳаётидан айрилди.
Франциядаги илк йиллар жуда оғир ўтди: у газета сотди, қурилишларда ишлади — оиласини боқиш учун бор кучи билан ҳаракат қилди. Аммо айнан айкидо — мувозанат, назорат ва уйғунлик тамойиллари орқали — унга ички барқарорликни сақлаб қолишга ёрдам берди. Кейинчалик у айнан шу тамойилларга асосланган хусусий қўриқлаш компаниясини ташкил қилди ва унга муваффақиятли раҳбарлик қилди.
Мурод Қурбонов
Ҳозирда 59 ёшли Мурод Қурбонов айкидо нафақат унга йўл кўрсатган, балки ҳаётини ҳам сақлаб қолган, деб ҳисоблайди. У оғир касалликни ортида қолдирди — бу жараёнда жисмоний тайёргарлик ва медитация унинг асосий ёрдамчилари бўлди. Айкидо энди унинг учун фақат машқ эмас, балки матонат фалсафасига айланган.
Бугун Мурод Қурбонов хориждаги туркман мухолифатидаги асосий шахслардан бири сифатида тан олинган. Унинг фикрича, айкидо унга сиёсий курашда ҳам ёрдам беради — руҳий куч ва фикрий равшанлик бахш этиб, дунёнинг энг авторитар тузумларидан бирига қарши курашни давом эттиришга куч беради.